Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги «Жибек жоли» — «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пункти орқали 3700 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари чегарани кесиб ўтди, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.

Аввал хабар қилинганидек, 1 июлдан 7 июлгача бўлган муддатда «Жибек жоли» — «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пункти орқали 2700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтган.

«Бироқ юзага келган техник муаммолар туфайли Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан юртдошларимизни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилди. Оқибатда бу ҳолат чегарада 3000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўпланиб қолишига сабаб бўлди», — дейилганди шунда хабарда.

Таъкидланишича, Республика махсус комиссияси, ДХХ Чегара қўшинлари ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналарининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 8 июль куни мамлакат фуқароларининг Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан эркин ўтишига тўсқинлик қилувчи барча техник ва ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби маълумотларига кўра, 8 июль куни кечқурун ва 9 июль куни «Жибек жоли» — «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўтказилди.

«Ҳозирги пайтда давлатлараро чегарани кесиб ўтишда муаммолар йўқ, назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда, фуқароларнинг тўпланиб қолиши кузатилмаяпти», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келгандан кейин Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.