«Жойларда „яшил“, „сариқ“ ва „қизил“ ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти», — дея маълум қилди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши аввалида. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, туман ва шаҳарлар санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, 5 май куни «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудудларга ажратилган эди. Ҳозирда эса бутун мамлакат ҳудуди «қизил» деб эълон қилинган.

Президент тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпайиб бораётганини таъкидлади.

«Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак», — дея иқтибос келтирди президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Республика комиссиясига вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан бирга пандемияни жиловлаш бўйича барча чораларни кўришга топшириқ берди. Тегишли раҳбарлар ўзига бириктирилган ҳар бир вилоят кесимида аҳолининг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан, жойига чиққан ҳолда назорат ўрнатишлари керак.

«Албатта, биз қўшни давлатларда маълум сабабларга кўра қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни кўрамиз», — деди президент. Аввал хабар қилинганидек, ҳозирда Россия ва Қозоғистондаги фуқаролар қийин аҳволда қолиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, бугун 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари кучайтирилгани ҳақида маълум қилинди.

Коронавирусга қарши курашда қатъий чораларни қўллаш заруриятини изоҳлар экан, президент июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2167 нафарга кўпайган, шундан 1267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланганини таъкидлади.

«Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт», — деди давлат раҳбари.

«Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди, — деди президент. — Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин. Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!»

«Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деди давлат раҳбари.