АҚШ ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил кузги семестрга ўқиш учун халқаро талабаларга вақтинчалик виза чекловларини жорий этди. Бу ҳақда АҚШ Иммиграция ва чегара назорати агентлиги хабар берди.

Унга кўра, АШҚдаги ўқиш тўлиқ онлайн бўладиган университетларга халқаро талабалар қабул қилинган тақдирда ҳам, уларга виза берилмайди. Бунда чекловлар қуйидагиларга тааллуқли:

  1. Тўлиқ онлайн режимда дарс ўтиладиган ўқув муассасаларига (мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари) қатновчи F-1 ва М-1 визасига эга талабалар тўлиқ онлайн дарс ола туриб, АҚШда қолишлари мумкин эмас. Бунда, АҚШ Давлат департаменти кузги семестрда тўлиқ онлайн бўлган мактабларда ва / ёки дастурларда ўқиётган талабаларга виза тақдим этмайди, АҚШ божхона ва чегараларни қўриқлаш органлари ҳам ушбу талабаларнинг АҚШга киришларига рухсат бермайди. Ҳозирда АҚШда бундай дастурларда қатнашган талабалар мамлакатни тарк этишлари ёки қонуний мақомда қолиш учун юзма-юз ўқитиладиган ўқув муассасасига ўтиш каби бошқа чораларни кўришлари керак. Агар ушбу тоифали талабалар ушбу талабларга бўйсунмаса, улар иммиграцион оқибатларга олиб келиши мумкин.
  2. Оддий юзма-юз дарслар ўқитиладиган ўқув муассасаларига қатнайдиган F-1 визасига эга талабалар амалдаги федерал қонунларга бўйсинишлари шарт. Талабларга тўғри келадиган F-1 визасига эга талабалар энг кўпи билан битта онлайн дарс ёки уч кредит соатига тўғри келадиган онлайн дарсларга қатнашишлари мумкин бўлади.
  3. Гибрид моделда ўкитиладиган мактабларга, яъни бир вақтда онлайн ва юзма-юз дарсларни ўқитиладиган мактабларга ташриф буюрган F-1 визасига эга талабаларга битта онлайн дарс ёки уч кредит соатига тўғри келадиган онлайн дарслар олишлари мумкин. Ушбу мактаблар, ўз ўрнида, Талабалар ва алмашув ташрифлари (SEVP) дастурига «Ноиммиграцион талаба мақомига мос бўлиш тўғрисида гувоҳнома» (I-20 шакли) орқали ўқув умуман онлайн эмаслигини, талаба ушбу семестрда тўлиқ онлайн курс олмаслигини ва талаба ўзининг диплом дастури бўйича нормал муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган минимал онлайн дарсларни олаётганини тасдиқлаши керак бўлади. Юқоридаги истиснолар инглиз тилини ўрганиш дастурларида ўқиётган F-1 визасига эга талабаларга ёки бирон-бир онлайн курсларга киришга рухсат берилмаган касб-ҳунар даражасига эга М-1 визасига эга талабаларга тааллуқли эмас.

Шунингдек, хабарда таъкидланишича, агар ўқув муассасаларида (мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари) кузги ўқув семестрини якка тартибдаги дарслар билан бошласалар, аммо кейинчалик фақат онлайн дарсларга ўтишлари керак бўлиб қолса ёки визага эга талаба ўқув курсини ўзгартириши оқибатида бутунлай онлайн курсли дарсларга тўғри келиб қолса, ўқув муассасалари 10 кун ичида SEVIS тизимида ўз маълумотларини янгилашлари керак бўлади. АҚШдаги визага эга талабаларга онлайн дарслар орқали тўлиқ ўқиш курсини ўташ тақиқланади.

«Агар талабалар шу каби вазиятга тушиб қолсалар, улар мамлакатни тарк этишлари ёки ноиммиграцион бўлган мақомини сақлаб қолиш учун муқобил чоралар кўришлари керак, масалан, онлайн ўқув юкини камайтириши (битта онлайн дарс ёки уч кредит соатига тўғри келадиган онлайн дарслар) ёки тегишли тиббий таътил олиши керак», — дея таъкидланади АҚШ Иммиграция ва чегара назорати агентлигининг хабарида.

АҚШнинг да фаолият юритувчи журналист Беҳзод Мамадиев ўзининг Vashington kundaligi Telegram каналида ушбу чеклов масаласи бўйича ўзининг қисқача тушунтириши билан улашди.

«Агар сиз 2020 йил кузда бошланадиган семестр учун АҚШ университетига ўқишга қабул қилинган бўлсангиз, университетингиз билан боғланиб, кузги ўқишлар қандай форматда бўлишини аниқланг. Агар дарслар тўлиқ онлайн форматга ўтган бўлса, сизга виза берилмайди ёки қўлингиздаги визангиз яроқсиз ҳолга келади. АҚШда бўлсангиз, мамлакатни тарк этишингиз керак. АҚШда қолишнинг ягона йўли — оқишни дарслар юзма-юз бўладиган бошқа университетга кўчириш», — дейилади тушунтиришда.

Маълумот учун, F-1 визасига эга талабалар АҚШда академик курс ишларида, М-1 визасига эга талабалар АҚШда ўқиш пайтида касбий курс ишлари билан шуғулланиши учун берилади.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил охиригача чет эллик мутахассислар ва мавсумий ишчилар учун иш визаларини беришни вақтинчалик тўхтатиб қўйганди.