Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари суҳбат аввалида Нурсултон Абишевич Назарбоевни 80 ёшни қаршилагани муносабати билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар тилади.

«Элбошининг замонавий Қозоғистонни барпо этиш, кучли давлат бошқаруви институтлари ва миллий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, мамлакат рақобатбардошлиги, халқаро нуфузини оширишга ва, энг муҳими, аҳолининг юксак турмуш даражасини таъминлашга қаратилган самарали ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги тарихий роли алоҳида қайд этилди», — дейилади хабарда.

Мулоқот чоғида икки давлат етакчилари икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик қатор долзарб масалаларни муҳокама қилганлиги айтилмоқда. Мулоқот давомида коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, пандемиянинг ўзаро манфаатли ҳамкорликка салбий таъсирини камайтириш бўйича ўзаро яқин мувофиқлашув ва шерикликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.