Коронавирус инфекциясига чалинган 71 ёшли бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 71 ёшли онахон М.Г. жорий йил 30 июнь куни коронавирус аниқланганлиги сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга «Юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги» ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган. Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан маслаҳатлар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ўтказилиб, доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди, дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи коронавирус аниқланган 35 ёшли аёлнинг ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинган эди. Унга «Икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 3-даража, семизлик 2-даража» ташхиси қўйилган/