Қозоғистонда эпидемиологик вазиятнинг мураккаблашиши ва коронавирус тарқалишининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда карантин чоралари кучайтирилмоқда. 5 июлдан бошлаб 14 кунлик чекловлар эълон қилинади, дея хабар берди Қозоғистон ҳукумати.

Хусусан, мамлакатда вилоятлар ўртасида йўловчи ташиш хизмати ва жамоат транспорти чекланади. Темир йўллар (шартли равишда) ва минтақалар орасидаги, шунингдек, халқаро ҳаво қатнови (давлатлар рўйхатини кўпайтирмаган ҳолда) сақланиб қолинади.

Фуқароларга икки ҳафта давомида спорт, оилавий, хотира маросимлари ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. 65 ёшдан ошган шахсларнинг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиши ва аҳолининг кўчаларда, боғларда, майдонларда камида уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чеклаб қўйилади. Очиқ ҳавода якка ҳолда машқ қилишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, спорт заллари, фитнесс марказлари, сузиш ҳавзалари, ёпиқ озиқ-овқат ва буюм бозорлари, маданий иншоотлар, болалар боғчалари, диний мажмуалар, кинотеатрлар ва бошқа объектларнинг ишлаши тақиқланади. Тиббий марказлар (тайинланиш бўйича), дорихоналар, очиқ озиқ-овқат дўконлари ва очиқ бозорлар фаолиятига рухсат берилади.

Масофавий иш шакли давлат идоралари, офислар, миллий компаниялар ва бошқа ташкилотлар ходимларининг камида 80 фоизи учун сақланиб қолинади.

Очиқ ҳаводаги умумий овқатланиш жойлари, қурилиш ва саноат корхоналари, автомашиналар ювиш, маиший техника таъмирлаш хизматлари, маиший хизмат кўрсатиш марказлари ва иккинчи даражали банклар кучайтирилган санитария ва дезинфекция режимига мувофиқ иш олиб боради. Шунингдек, очиқ ҳавода қурилиш ишлари ва қишлоқ хўжалиги ишлари давом эттирилади.

Мамлакатда эпидемиологик вазиятга қараб, чеклов чоралари яна икки ҳафтагача чўзилиши ёки кучайтирилиши мумкин.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев мамлакатда жиддий карантинга қайтиш бўйича буйруқ берган эди.

1 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда бир кун ичида 1509 та (шуларнинг 981таси асоратларсиз) коронавирус ҳолатлари қайд этилиб, мамлакатда умумий ҳолатлар сони 42,5 мингга етган.