Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида Malibu ва «ВАЗ 2101» автомашиналари тўқнашуви оқибатида ЙТҲ содир бўлган. Бунинг оқибатида «ВАЗ 2101» русумли автомашинада ёнғин юзага келиб, салондаги икки нафар шахс ҳодиса жойида вафот этган, дея хабар беради ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

29 июнь куни соат 23:30 да ҳайдовчи 31 ёшли З.Т. Malibu автомашинасини «Бандихон-Қизириқ» йўлининг 81-километрида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, 56 ёшли Ў.Х. бошқарувидаги «ВАЗ 2101» русумли автомашина билан тўқнашув содир этган.

Натижада «ВАЗ 2101» автомашинасида ёнғин чиқиб, ҳайдовчи Ў.Х. ва олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган 50 ёшли А.Ж. автомашина салонида қолиб кетиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Қизириқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши очилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.