28 июнь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентнинг Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг коронавирус аниқланган 52 ёшли шифокори миокард инфарктидан вафот этганини маълум қилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Газета.uz»га тиббиёт ходимининг аниқ ўлим санасини маълум қилмади.

Вафот этган шифокор Алишер Ураловнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова журналист Азиза Қурбоновага мурожаат қилиб, отасини Тошкент вилоятидаги «Ўртасарой» карантин мажмусига мажбурлаб юборишганини, у ерда ишлаш учун шароитларнинг қониқарсиз экани ҳамда отаси ишлаган Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси уни даволаш учун қабул қилмаганини маълум қилди.

Алишер Уралов. Фото: Facebook.

Журналист унинг мурожаатини ўзининг «Микрофон кўтарган аёл» Telegram-каналида эълон қилди. «Газета.uz» Азиза Қурбонова ёрдамида Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистратураси 3-босқичида ўқиб, халқаро ташкилотда ишлаётган Шаҳноза Ҳасанова билан боғланди.

«Карантин ҳудудига мажбуран юборишди»

52 ёшли Алишер Уралов Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасида — Марказий кўп тармоқли касалхонада нейрофизиолог бўлиб ишлаган. Қизининг сўзларига кўра, 13 июнь куни кадрлар бўлими бошлиғи шифокорга карантин марказига бориши кераклигини, акс ҳолда уни ишдан бўшатишларини айтган.

«У икки марта рад жавобини берган, чунки у гипертония, қандли диабет билан касалланган эди. 14 июнь куни Ўртасаройга бордилар. Соғлиқлари кўтара олмай, 18−19−20-кунлари иссиғи 39 даражага чиқиб кетди. Кейин Ўртасарой штабидан Яккасарой штабига, ўзлари Яккасаройда ишлар эдилар, ўтказиш учун телефон қилишган. Телефон қилишса бошлиқлар „йўқ, қабул қилмаймиз“ дейишган. Саргардон бўлиб Назарбекдаги (Зангиота тумани — таҳр.) шифохонага кетишган», — деди марҳумнинг қизи.

Алишер Ураловни қабул қилган Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари коронавирус учун топширилган иккинчи тест натижаларини кутишган. Шаҳноза Ҳасанованинг тасдиқлашича, тест ижобий чиққан, бироқ вирачлар унга керакли тиббий ёрдамни кўрсатишмаган.

«Назарбекдаги шифохонада бечора отам харсиллаб коридорма-коридор юриб шифокор излардилар. Ҳеч қандай консилиум, ҳеч қандай пульманологлар бўлмаган. Дадам билан гаплашгандимда, қизим, таниш пульмоноглар борми, бу ерда ҳеч ким менга қарамаяпти, дердилар. Кейин аҳволлари оғирлашди, ҳарсиллаб гапирардилар. Биз мурожаат қилаверганимиздан кейин ИВЛга (сунъий нафас олиш ускунаси — таҳр.) ўтказишди. Биласиз, ИВЛ юракка зўриқиш беради. Улар нотўғри қарор қабул қилишган», — деди у.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорнинг ўлими тўғрисида 28 июнь куни хабар қилди. Бироқ, қизининг айтишича, Алишер Уралов 26 июнь куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган ва шу куни оламдан ўтган.

«25 июндан 26 июнга ўтар кечаси аҳволлари жудаям оғирлашиб қолгандан кейин мажбурий «Литературний»даги (Учтепа тумани — таҳр.) юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишган. Бир соат инкубация қилишган. Инкубациядан кейин отам вафот этганлар. Уни кўрганингизда эди, ўпкалари бир сиқимга айланиб қолган, алвиолаларига сув тўлган», — дейди шифокорнинг қизи.

Алишер Ураловнинг ўлими тўғрисидаги гувоҳнома. Ўлимнинг асосий сабаби сифатида COVID-19, ўлим санаси эса 26 июнь этиб кўрсатилган.

Шаҳноза Ҳасанова Соғлиқни сақлаш вазирлиги Алишер Уралов миокард инфаркти туфайли вафот этгани тўғрисида хабар берганидан кейин ҳақиқатни излашга қарор қилган. Бундан ташқари, ўлим тўғрисидаги гувоҳномада ўлимнинг асосий сабаби COVID-19 экани кўрсатилган. Ўлимга олиб келадиган касалликлар сифатида икки томонлама пневмония ва ўпка шиши кўрсатилади.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат ака (Санаев) билан ҳам гаплашдим. Шифокор инфарктдан ўлди, деб ўзларингизни оқлаб ёзибсиз, инсофингиз борми, нимага нотўғри хабар тарқатдингиз, дедим. Шу хабар чиққанидан кейин мен курашишни бошладим. Отам инфарктдан эмас, коронавирус асоратларидан вафот этди. Кейин ким сизларга хабарни берди, десам Яккасарой тиббиёт бирлашмаси, деди. Бунга чидаб туролмайман, ҳамма билсин, президентгача етиб борсин, президент очиқ-ойдин билсин аслида нималар бўлганини», — деди у йиғлаган ҳолда.

Алишер Ураловнинг яқинлари уни охирги марта 14 июнь куни Юқоричирчиқ туманидаги карантин марказига кетишидан аввал кўришган.

«Уни 967 рақами билан кўмишди. Ёнида яна иккита тобут бор эди»Алишер Уралов «Ўртасарой» карантин мажмуасида. Фото: Шаҳноза Ҳасанова.

Шаҳноза Ҳасанова отасининг ишлаш шароитлари ва коронавирус юқтириш сабаблари ҳақидаги тахминини ҳам айтиб ўтди.

«Унга оқ комбензон, ниқоб ва кўзойнак беришган. Билсангиз, коронавирус очиқ қўллар, очиқ оёқлардан ҳам юқади. Бахилла ва қўлқоқ беришмаган. Шифокорлар шундай ишлашмоқда. Ва битта касални кўрганидан кейин шифокор ювиниб чиқиши керак. Ювиниб чиққаётганда ўша орқали юққан, деб ўйлаяпман мен», — деб ҳисоблайди у.

Унинг сўзларига кўра, қабристонда отасидан ташқари яна икки нафар коронавирус беморини кўмишган.

Жасадлар. Ердаги тобутдан ташқари юк машинаси ичида яна иккита тобутни кўриш мумкин. Фото: Шаҳноза Ҳасанова.

«Қабристонда отамнинг тобутидан ташқари яна икки кишининг жасади бор эди. Бу ҳақда ОАВда ҳам эълон қилишмади… Ўликхонадан жавобини чўзаверишди. Мен яқинларимда билиб беришни илтимос қилдим. Билсак, отам 967-бўлиб кўмилибди. Янги ТошМИда „Чинорота“ деган янги мозор бор экан. Ўша ерга 965, 966, 967 рақамли учта коронавирус тобутини олиб келишди. Ушбу рақамлар нимани англатишини билмайман, лекин моргда отам билан яна икки кишини кўмишди, деб айтишди», — деди у.

«Коронавирус жасадларини махсус либосларда кўмишади. 2 метр оралиқда қабр қазилади. Мана шу учта одам, учта эркак кетма-кет тушишди. Улар отамдан бир-икки соат олдин ўлганлиги учун отамнинг рақами 967 бўлган. Қолган иккита эркак 32, 35 ёшда бўлишган, коронавирусдан вафот этишган», — дея қўшимча қилишди шифокорнинг қизи.

«Лекин отамнинг учта касали борлигини инобатга олмаган ҳолда у ерга таҳдид билан жўнатишди… Бу ноҳақликларга чидай олмаяпман, ёниб кетаяпман. Менга ҳатто отамнинг касалликлар тарихидан кўчирмани ҳам беришмаяпти. Бир қанча аёллар келиб, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасида жой бўлганини айтишди», — деди у.

Дафн маросимини махсус либослардаги СЭС ходимлари амалга оширмоқда. Фото: Шаҳноза Ҳасанова.

«Шифокорлар контингентини тўғри танлаш керак»

Журналист Азиза Қурбонова Алишер Уралов билан карантин мажмуасида бирга ишлаган шифокор билан суҳбатлашди.

«Ҳақиқатан ҳам врачларга „давка“ кетяпти. Бу ерга келмаганлардан ҳам сўраб кўринг, шундай дейишади. Шахсан ўзим ҳам 54 ёшли врачман ва бу ерга мажбуран келганман. Эҳтиёжларимизга керак бўладиган нарсаларни яхши таъминлаб беришолмади. Карантинга олинган 600 га яқин фуқарога бригадамиз билан тиббий хизматни олиб бордик. 600 киши ҳаммаси вирусга чалинган эмас, лекин уларнинг бошқа касалликлари бўлади, асаб, ошқозон касалликлари, психоз кузатилади…» — деди у.

Врач шифокорлар контингенти тўғри танланиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳимоя воситаларига келсак, бу ерда қизил ва яшил зоналар бор. Қаерда хизмат кўрсатишга қараб кийимлар кийилади. Менинг фикрим, бу ерга келадиган шифокорлар контингентини тўғри танлаш керак. Тасаввур қилинг, ишхонангизда ишлаяпсиз-да, шундоқ қўнғироқ қилишади-да ярим соат вақт беришади, нарсаларингни йиғ зонага борасан! Ҳеч қандай тайёргарлик этапи йўқ, инструктаж йўқ, қоғозларда қолиб кетган. Келган шифокорлар вазиятни ўрганиб олгунча 2−3 кун шокда юради. Шахсан мен ўзим ўша якшанбада (14 июнь куни) туғруқхонада дежурда эдим. Мени навбатчиликдан олишяпти-да бу ерга жўнатишяпти. Бу инсонийликданми?» — дея савол берди у.

Тошкент ҳокимлигининг «Ўртасарой» карантин мажмуасидан тайёрлаган видеосидан лавҳа.

Врачнинг фикрича, Алишер Уралов инсонийлик жиҳатидан ишлаб турган жойи томонидан қабул қилиниши керак эди.

«Бу ерга шифокорларнинг ёши, соғлиғи билан ҳисоблашиб жўнатиш керак эди. Алишер ака билан 4−5 кун бирга ётган бўлсам, у кишининг касалликлари кўп экан, келмаслиги керак эди. Мен у кишини тез ёрдамда жўнатиш ишлари билан ўзим шуғулландим, телефонда штаб билан гаплашдим, кейин ҳам алоқада бўлиб турдим. Алишер Ураловда вирусга шубҳа туғилганида ўз ишхонасига жўнатилиши юридик жиҳатдан тўғри эмасдир, лекин инсонийлик жиҳатидан ишлаб турган жойи томонидан қабул қилиниши керак эди. Назаримда, у якшанбадан то жумагача яхши тиббий хизмат ололмаган», — деди у.

Азиза Қурбонова Яккасарой ТТБ кадрлар бўлими бошлиғи билан ҳам суҳбатлашди. У босиқлик билан саволларга жавоб беришга ваколатли эмасликларини айтган. Аммо бир-икки вазиятга фикрларини билдирган.

«Алишер Уралов карантин зонага бормаслик учун ҳеч қандай ёзма рад жавоби бермаган. Ҳеч ким мажбурланмаган. «Ёш болали, пенсия ёшидаги шифокорларимиз бор, уларга таклиф ҳам берилмаган. Ўрта ёшли ва соғлом шифокорларни жўнатганмиз. У киши ҳар куни соғлом ишга келиб, ишлаб юргандилар-да. «Больничный"ларини кўрсак, фақат 2016 йилда 3 кунга чиққан эканлар», — деган кадрлар бўлими бошлиғи Азиза Қурбоновага. Унинг таъкидлашича, Уралов кадрлар бўлими бошлиғига 25 июнда қўнғироқ қилгандагина ҳолат ёмонлигидан хабар топган, унгача билмаган. Алишер Уралов қайси больницада ётгани, нафаси қисаётгани, симптомлари ковидга ўхшаётганини айтган.

Шунингдек, бош шифокорнинг ҳам Уралов вирус юқтиргани ҳақда ҳаётининг охирги кунлари (25−26 июнь) гача хабари бўлмаганини маълум қилган. «Бош шифокор „менга ҳеч ким чиқмади, қандай қилиб у кишини ётқизмаслигим мумкин?“ деган», — деди кадрлар бўлими бошлиғи.

Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори эса саволларга «хат билан чиқишса, жавоб бераман», — деб жавоб берган.

«Газета.uz» Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ ололмади.