Бир ҳафта муддат ичида Республиканинг барча ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмаларида узлуксиз видео ва овозни ёзиб олувчи жами 497 та сўров хоналар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Маълумотга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВда 27, Тошкент шаҳар ИИББда 77, Андижон вилояти ИИБда 36, Бухоро ИИБда 32, Жиззах вилояти ИИБда 31, Наманган вилоят ИИБда 25, Навоий вилоят ИИБда 25, Сирдарё вилояти ИИБда 16, Самарқанд вилояти ИИБда 46, Сурхондарё вилояти ИИБда 21, Тошкент вилояти ИИБда 55, Фарғона вилояти ИИБда 37 та, Қашқадарё вилоятида 25 та, Хоразм вилоятида 23 та сўров хоналар ташкил этилиши кўзда тутилган.

«Шанба куни бўлиб ўтадиган селектор йиғилишида ҳар бир ИИО раҳбари ушбу буйруқнинг ижроси бўйича ҳисобот бериши лозимлиги белгиланди», — дейилади хабарда.

Бу каби чора-тадбирлар 30 май куни Андижон шаҳрида содир этилган воқеа ва ундан олдин 22 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги ИИВ ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар сабаб кўрилмоқда. Ушбу воқеалар юзасидан, 16 июнь куни Ички ишлар вазирининг «Ички ишлар органлари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш тўғрисида» фармойиши қабул қилинган. Унда қатор тадбирлар белгиланган, шу жумладан бир ҳафта муддатда ҳар бир ИИО маъмурий биноларида алоҳида махсус хоналар ташкил этилиб, видеокузатув ва овоз ёзиш мосламалари билан жиҳозлаш белгиланган.

«Энди биз кўряпмизки, инсон ҳуқуқларини поймол қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар асосан терговдан олдин, суриштирув жараёнида содир этилмоқда. ИИВнинг асосий мақсади ҳақиқатдан халқчил, очиқ ва шаффоф тизим яратишдир. Бу ишларни амалга оширишда биз, менинг фикримча бир қатор ишларни бажардик, ва булар яна давом этмоқда», — дейилади хабарда.

«Агар ички ишлар бўлимига олиб келинган шахсга нисбатан жароҳат етказилганлиги аниқланса бу фавқулотда ходиса сифатида баҳоланади. Кечиктирмасдан гуруҳ тузилиб, воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилади», — дея таъкидлайди ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов.