Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23−24 июнь кунлари Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлади, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Ташрифнинг биринчи куни дастурига мувофиқ, олий даражада икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Музокараларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг муҳим масалалари кўриб чиқилиши айтилмоқда.

24 июнь куни давлат раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади.

Ўзбекистон президентининг парадда қатнашиши ҳақида аввалроқ Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков хабар берган эди.

Олдинроқ, Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида 12 мамлакат ҳарбийлари қаторида Ўзбекистон вакилларининг қатнашиши ҳақида хабар берилган эди.