24 июнь куни Россия пойтахти Москвадаги «Қизил майдон»да бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида 12 мамлакат ҳарбийлари, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этади. Бу ҳақда РФ армия генерали, парад командири Олег Салюков маълум қилди, дея хабар берди ТАСС ахборот агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, Россияга аллақачон Молдова, Мўғулистон, Сербия, Тожикистон, Туркманистон, Хитой, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳарбий хизматчилари етиб келган. 15 июнь куни чет эллик ҳарбийлар Москва яқинидаги Алабино майдончасида ташкил этилган машғулотларда қатнашдилар.

Фашизмга қарши урушда қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига аталган парад 24 июнь куни Тошкент вақти билан 12:00 да бошланади.

Аввалроқ Ғалаба парадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштирок этиши ҳақида хабар қилинган эди. Марказий Осиё мамлакатлари, Беларусь, Молдова, Сербия ва Хорватия каби давлатлар раҳбарлари ўз ташрифини тасдиқлашди.

Эслатиб ўтамиз, Ғалаба паради коронавирус пандемияси сабаб қолдирилган эди.