Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия томонининг таклифи бўйича Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этади. РИА Новости хабарига кўра, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков баёнотида бу ҳақда тўхталиб ўтган.

Журналистлар ундан Москвадаги Ғалаба парадида кимлар иштирок этишини тасдиқлаганига қизиқишди. «Дастлабки, ҳозирда иш олиб борилаётган, рўйхат бор. Бизда… Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистондан тасдиқлар бор, Сербия, Хорватия, Абхазия, Жанубий Осетиядан ҳам қатнашиш тасдиқланди», — дея жавоб берди Дмитрий Песков.

Эслатиб ўтамиз, Ғалаба паради Москвада 24 июнь куни бўлиб ўтади. Аввалроқ июнь ойининг иккинчи ярмида Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Дмитрий Песковнинг қайд этишича, Россия бир қатор давлатлар раҳбарларидан парадда иштирок этиш тўғрисидаги тасдиқни кутмоқда. Улар орасида, жумладан, Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам бор.

Украина президенти Владимир Зеленскийга, Песковнинг сўзларига кўра, таклифнома юборилмаган, чунки асосий эътибор МДҲ давлатларига қаратилган бўлиб, Украина ундаги иштирокига унчалик ҳам қизиқиш билдирмайди. Бундан ташқари, унинг қайд этишича, Украина бирор марта ҳам Ғалаба байрами қувончини баҳам кўриш хоҳишини намойиш этмаган.