Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ кучайтирилган санитария-гигиена назоратини таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди, дея хабар қилди «Коронавирус-инфо» Телаграм-канали.

Хусусан, Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланган «қизил» ҳудудларни блокпостлар ўрнатган ҳолда маҳалла, даҳалар ва кўчалар кесимида ёпилиши, карантинга олинган фуқароларнинг уйи олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилиши белгиланди.

️Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг ҳоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказиш ҳуқуқи берилди. Эндиликда юқоридаги тоифа давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ёхуд ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказиши мумкин бўлади.

Фуқаролар карантин назорати даврини ўтказиши мумкин бўлган меҳмонхоналар рўйхатини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилади.

Фуқаролар карантин назорати даврини меҳмонхонада ўтказишда Карантин назорати даврини меҳмонхоналарда ўтказишнинг вақтинчалик тартибига қатъий риоя этишлари талаб этилади.