️Республика махсус комиссияси қарори билан ҳудудлардаги барча бозорлар санитария-эпидемиологик тадбирларини, шу жумладан, дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ҳар ҳафтада бир маротаба ёпилиши белгиланди, дея хабар қилди «Коронавирус Инфо» Телеграм-каналида хабар қилинди.

Шунингдек, супермаркет ва бошқа йирик дўконларда санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилмоқда, ушбу объектларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ушбу мажмуаларга киритмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаблари белгиланмоқда.

Қайд этилишича, 8 июндан бошлаб «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилган эди (дамас, микроавтобус ва метрополитен фаолияти бундан мустасно).

«Бироқ, бу борадаги мониторинг натижалари автобус салонида ижтимоий масофани сақлаш билан боғлиқ карантин талабларини бузиб, тирбандлик ҳосил қилган ҳолда йўловчи ташиш ҳолатлари учраётганлигини кўрсатмоқда. Бу эса, аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолат сифатида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш учун асос бўлади», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Транспорт вазирлигига автобус рейсларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда бошқа санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.