Хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратилади. Ўзбекистон президенти 16 июнь куни тегишли қарорни имзолади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, кредит тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг ҳозирда 15 фоизни ташкил этувчи асосий ставкасидан 4 фоиз паст қилиб берилади.

Кредитлар хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга, айниқса маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналарни ташкил этиш (молия ва савдо соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно) ва жиҳозлаш учун Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича 1 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.

Кредит маблағларининг камида 20 фоизи аёллар ва ёш тадбиркорларга ажратилади.

Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 64 та фаолият тури учун «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланиши таъкидланди. Мамлакатда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради.

Йиғилишда соҳа салоҳиятидан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Жойларда маиший ускуналарни таъмирлаш устахоналари, кимёвий тозалаш шохобчалари, компьютер дизайнерлиги, бухгалтерия, реклама, пуллик тиббий хизмат каби тадбиркорлик субъектлари камлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу хизмат кўрсатиш соҳасида иш ўринлари яратиш бўйича жуда катта имкониятлар борлигидан далолат беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур йўналишда камида 160 минг қўшимча иш ўрни яратиш мумкин.

«Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ахборот технологиялари соҳасида йилига 50 минг доллар экспорт қиладиган ва Top Talent рейтингининг энг юқори 3 фоизига кирадиган 21 та ёш фрилансер дастурчи бор», — деб ёзади давлат раҳбари матбуот хизмати. Президент шундай иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий хизматларни ўрганишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Бош вазир ўринбосарига ҳокимлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шу билан бирга, тармоқни тартибга солиш, ундаги методология ва статистика маълумотларини халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди.

Ҳудудлар раҳбарлари бу имкониятдан самарали фойдаланиб, хизмат кўрсатиш соҳасида кўп иш жойи яратадиган ва тез амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириши зарурлиги таъкидланди.