Тошкент шаҳар Миробод туман маъмурий судида ногиронлиги бўлган укаси учун дори олишга чиққан ҳайдовчини айбсиз деб топди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, А. М. (1991) жорий йилнинг 13 май куни бошқарувидаги «Лада-21703−110−01» русумли автомашинасида стикерсиз ҳаракатлангани учун Санитария-эпидемиология назорати ходимлари томонидан БҲМнинг 20 баравари — 4,460 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Шунингдек, траснпорт воситаси жарима майдончасига қўйилган.

С. Юлдошев раислигида ўтган очиқ суд мажлисида фуқаро пойтахтнинг Миробод туманида жойлашган дорихонага болаликдан ногиронлиги бўлган, парваришга муҳтож, «параличнинг оғир симптоми» ташхиси асосида доимий муолажа олиб келган укаси М.Т. учун «Конвулекс» номли дори воситасини сотиб олиш учун чиқишга мажбур бўлганини таъкидлаб, ўзига тайинланган жазо чорасини енгиллатилишини сўраган.

Суд А.М.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон МЖтКнинг 54-моддаси (карантин қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатларини мавжуд эмаслиги сабабли, унга нисбатан бўлган маъмурий иш ҳужжатларини МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатишни лозим топди.

Маълумот учун, Республика махсус комиссиясининг 4 апрелдаги қарорига кўра, «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилган ҳудудларда шахснинг ўзининг яшаш жойидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, доридармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокорлар кўригига мурожаат этишга рухсат берилгани қайд этилди.