Метролардаги умумий вентиляция тизими коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфини ошириши сабабли метрога рухсат берилмади, дея маълум қилди Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифинг давомида.

Келиб тушган саволлар қаторида, «Нима сабабдан автобусларга рухсат берилди-ю, метрога эса йўқ?» саволига Нурмат Отабеков қуйидагича жавоб қайтарди:

«Метрога рухсат берилмагани сабаби, метрода ҳаво тозалаш тизими умумий. Шундай экан, ҳаводаги коронавирус қўзғатувчиси бутун метро ҳаракати йўналишидаги станцияларни барчасига тарқалиши эҳтимоли борлиги нуқтаи назаридан ҳозирча бунга рухсат йўқ».

Шу билан бирга, бу масала келгусида қўриб чиқилиши мумкин, дея қўшимча қилди давлат инспекцияси бош инспектори.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан 8 июндан бошлаб «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда автобусда ҳаракатланишга рухсат берилганди.