Транспорт воситалари учун утилизация йиғимининг жорий этилиши «Ўзавтосаноат» томонидан ишлаб чиқариладиган автомобиллар нархига таъсир кўрсатмайди, дея маълум қилди компания бошқарув раиси маслаҳатчиси Илёс Жабборов.

«Утилизация йиғимига келадиган бўлсак, „Ўзавтосаноат“ 1 августдан ҳамма билан тенг равишда уни тўлайди ва, шу билан бирга, қатъий ишонч билан айтамизки, бизда ишлаб чиқилган машиналаримиз учун бюджетга ажратмаларнинг янги тури истеъмолчи учун якуний нархга таъсир қилмайди», — деди у.

«Ўзавтосаноат» бошқарув раисининг маслаҳатчисига кўра, компания бир қатор бизнес жараёнларини оптималлаштириш орқали қўшимча харажатларни тенглаштиришга ҳаракат қилади.

Шунингдек, компания автомобиллар импортига қўйиладиган акциз солиғининг бекор қилиниши бўйича ҳам изоҳ берди.

«Мазкур акциз солиғининг бекор қилиниши рақобатдош брендлар учун шарт-шароитларни яхшилайди ва, шу ўринда, бу масалада бизнинг позициямиз истеъмолчилар учун очиқ рақобатга ўтишдадир», — дея таъкидлади Илёс Жабборов.