2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли авиаташувчи компанияларнинг соф фойдаси 84,3 млрд АҚШ долларига камайди. Бу ҳақда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) хабар берди.

Маълум қилинишича, 2019 йилга нисбатан йўловчи ташувчи авиакомпанияларнинг даромади 50 фоизга, яъни 838 млрд доллардан 419 млрд долларгача камайди. IATA мутахассислари авиация соҳаси аввалги иш фаолиятини тиклаган тақдирда ҳам 2021 йилда авиаташувчилар ўз даромадларини фақатгина 598 млрд долларгача кўтара олиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

«Молиявий жиҳатдан 2020 йил авиация тарихидаги энг ёмон йил сифатида эътироф этилади. Йилнинг ҳар куни саноат йўқотишларига ўртача 230 млн доллар қўшмоқда. Бу — 84,3 млрд доллар зарар дегани», — дея таъкидлади IATA бош директори Александр де Юнияк.

Ассоциация прогнозларига кўра, 2020 йил якунига қадар йўловчиларни ташишга бўлган талаб 54,7 фоизга пасаяди, яъни 2,2 млрд кишига камайиш кутилмоқда, бу эса, ўз ўрнида, 2006 йилдаги кўрсаткичларга тенг. Шу билан бирга, 2019 йилга нисбатан апрель ойининг ўзида авиаташувчилар қарийб 95% йўловчиларини йўқотгани маълум қилинди.

«Агар COVID-19 нинг иккинчи тўлқини бўлмаса, соҳа учун энг ёмони орқада қолди, деб ҳисоблаш мумкин. Авиация соҳасини қайта тиклаш чоралари Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ICAO) томонидан йўловчилар ва экипажларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун келишилган. Ушбу чоралар ҳукуматларга карантин тадбирларини қайта ўрнатмасдан чегараларни очиш учун ишончни бериши керак. Бу иқтисодий тикланишнинг муҳим қисмидир, чунки дунё ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизи туризмдан келади ва бу, ўз ўрнида, авиақатновлар билан чамбарчас боғлиқдир», — деди де Юнияк.

Пандемия даврида юк ташиш авиация соҳасининг энг ёрқин нуқтаси бўлиб келмоқда. 2019 йилга нисбатан, юк ташишдан тушган даромад 2020 йилда рекорд даражага — 110,8 млрд долларга, 2021 йилда эса 138 млрд долларига етиши прогноз қилинмоқда. Бу кўрсаткич 2019 йилда 102,4 млрд долларига тенг бўлган, дейилади Халқаро ҳаво транспорти ассоциациянинг ҳисоботда.

Аввалроқ Ўзбекистонда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан авиация соҳасига жами 507 млрд сўм (406 млрд сўм «Uzbekistan Airways» АЖга ва 101 млрд «Uzbekistan Airports» АЖга) ссуда берилгани хабар қилинганди. Бу маблағлар коронавирус пандемияси пайтида миллий авиацияни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган.