Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг даромад ва харажатлари ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 27 май кунига қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғарма ҳисобига жами 7,44 трлн сўм келиб тушган. Улардан 7,32 трлн сўми халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари бўлса, қолган 123,5 млрд сўми Давлат бюджети ҳисобидан. Жами жамғарманинг харажатлари 3,306 трлн сўм ташкил қилмоқда.

Иқтисодиётни кўллаб-қувватлаш

Энг кўп маблағ мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун сарфланган — жами 1,4 трлн сўм. Ушбу маблағнинг 500 млрд сўми «Иссиқлик электр станциялари» АЖ корхоналарига, 401 млрд сўм эса Ўзбекнефтгаз АЖга субсидия сифатида берилган. Шу билан бирга, авиация соҳасига жами 507 млрд сўм сарфланган (406 млрд сўм «Uzbekistan Airways» АЖга ва 101 млрд «Uzbekistan Airports» АЖга ссуда берилган). Қолган 40 млрд сўм эса «Биринчи Резинотехника Заводи» МЧЖнинг харажатларини амалга ошириш учун сафарбар этилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигигига 573 млрд сўм ўтказилган. Ушбу суммадан 270 млрд сўм тест тизимлари, реактивлар ва ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун сарфланган. Ҳудудий марказларга 277 млрд сўм йўналтирилган: 250 млрд сўм фуқароларни карантинда сақлаётган муассасалар ходимларининг иш ҳақи, озиқ-овқат, гигиена товарлари ва бошқа ҳаражатларга; 18 млрд сўм жамоат жойларини дезинфекция қилиш ишларига, 9 млрд сўм эпидемиологик ҳолат билан курашиш бўйича тадбирларга сарфланган.

Бундан ташқари, карантин тадбирлари ва коронавирусга қарши курашда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларига қўшимча рағбатлантириш учун тўловларга 12 млрд сўм сарфланган. 11 млрд сўм махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш учун яратилган. Яна кўшимча 3 млрд сўмга тенг маблағ карантинга олинган фуқароларни дори-дармонлар билан таъминлашга сафарбар этилган.

Сув таъминоти ва ирригация тадбирлари

Харажатлар қаторида 504 млрд сўм сув таъминоти ва ирригация тадбирларига йўналтирилган. Бунда, 246 млрд сўм ирригация объектларини қуриш ва реконструкцияси учун, 61 млрд сўм «Ҳудудий Сув Таъминоти» МЧЖга ссуда тариқасида ажратилган маблағлар, 57 млрд сўм Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги «Иншоот» объекти қурилишига, 53 млрд сўм Давлат экология қўмитасига ссуда сифатида, 39 млрд сўм уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ичимлик сув таъминоти ва оқава сув чиқариш тизимларини қурилишига, 16 млрд сўм 20 минг ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси сув таъминоти учун, 14 млрд сўм сув хўжалиги вазирлигига — Жиззах вилоятидаги ирригация тадбирлари учун, 10 млр сўм Оролни қутқариш жамғармасининг ирригация тадбирларига ва қолган 8 млрд сўм 10 минг ўринли махсус шифоҳоналар сув таъминоти учун ажратилган.

Шифохоналарни қуриш ва жиҳозлаш

Жами 487 млрд сўм шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун сарфланган. Ушбу маблағнинг 286 млрд сўми 10 минг ўринли махсус шифохоналар қуриш учун, 182 млрд сўм 20 минг ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасини қуриш учун, 10 млрд сўм диагностика лабораторияси мажмуасининг реконструкциясига, 9 млрд сўм тиббий жиҳоз ва инвентарлар, дори-дармон, дезинфекция ишлари ва тиббий буюмлар учун сарфланган.

Ижтимоий соҳа

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳага жами 294 млрд сўм йўналтирилган. Бунда, 60 млрд сўм кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун Касаба уюшмалари Федерациясига; 100 млрд сўм банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун Жамоат ишлари жамғармасига; 70 млрд сўм ижтимоий нафақаларга; 50 млрд сўм шахсий томорқаларни ривожлантириш учун ишсиз, кам таъминланган, оилаларга; 11 млрд сўм «Тошкент метроолитени» ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларига иш ҳақи тўлаш учун, 2 млрд сўм «Ўзавтотранссервис» ва «Тошшаҳартрансхизмат» транспорт харажатларини қоплашга ва 1 млрд сўм гуманитар ёрдамни олиб келиши билан боғлиқ Мудофаа вазирлиги харажатлари учун ажратилган.