Жиззах вилоятида мактаб ва болалар боғчалари яқинида транспорт воситалари тезлигини чекловчи йўл белгисини ўрнатиш таклиф этилди. Вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Унга кўра, барча серқатнов автомобиль йўлларига яқин жойлашган таълим муассасалари атрофига «Йўл ҳаракати қоидаларида» ги 3.24 (Юқори тезлик чекланган «50») йўл белгисини ўрнатиш режалаштирилган.

Ҳужжат вилоят ҳудудидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга қаратилган.

Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 16 июнга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мазмундаги қарор лойиҳаси аввалроқ Самарқанд вилоятида имзоланган эди.