АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга COVID-19 га қарши қарши курашда кўрсатаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида коронавирус тести ўтказиш учун зарур воситаларни етказиб берди. Бу ҳақда АмериканингТошкентдаги элчихонаси хабар берди.

АҚШ элчихонаси Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топширган мазкур ёрдам USAID ҳадя этаётган тест воситаларининг биринчи тўпламидир. У 15 мингта тест ўтказишга етарли QIAGEN RNA реагентларини жамлаган 60 та қутидан иборат. 10 мингта тест учун мўлжалланган яна 40 та шундай қутининг бир неча ҳафтадан сўнг Ўзбекистонга олиб келиниши кутилмоқда.

«Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги ҳамкорларимиз билан бирга ишлаб, биз ушбу хавфли вирусни аниқлаш ишини яхшилаймиз, касалликка чалинганлар сонини камайтирамиз ва Ўзбекистонда одамлар ҳаётини сақлаб қоламиз», — деди АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм.

Ўз ўрнида, вазирлик ушбу ёрдам учун АҚШ ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги номидан ушбу ёрдам учун Қўшма Штатларга миннатдорлик билдирамиз. Ушбу реагентлар коронавирусга қарши курашимизда асқотади ҳамда ватандошларимизнинг соғлиги ва фаровонлигини яхшилайди», — деди агентлик директори Баҳодир Юсупалиев.

Элчихонанинг хабарида маълум қилинишича, USAID Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 3,9 млн доллар бермоқда. Бу ёрдам лабораторияларни кенг кўламли тестлар ўтказишга тайёрлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш, COVID-19 га оид тезкор чораларни такомиллаштириш, касаллик юқтирганлар ҳолатини бошқариш тизимини кучайтириш, вирус тўғрисидаги дезинформацияга қарши курашиш ҳамда жамоаларни ҳамжиҳатликда ишлашга жалб қилишни ўз ичига олади, дейилади хабарда.