Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси қарийб 2 миллион кишига етган. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Халқаро пресс-клубнинг Фарғонада бўлиб ўтган сессиясида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, барча давлатларга пандемия ўзининг жуда салбий оқибатларини кўрсатди, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам.

«Ўзбекистонда пандемиядан олдин ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 мингга яқин бўлган бўлса, пандемия бошланганидан кейин бир қатор корхоналаримизнинг фаолияти тўхтатилгани сабабли ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди» — деди Нозим Ҳусанов.

Шу билан бирга, меҳнат вазири меҳнат муҳожирлари масаласига, уларнинг пандемия давридаги бандлиги ва иш билан таъминланишига алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, айни пайтда мамлакатда чегаралар ёпилгани туфайли 550 мингга яқин меҳнат муҳожирлари бошқа давлатларга ишлаш учун кета олишмаган.

«Бу кишиларни қўлида касби бор, улар кўп йиллар давомида бошқа давлатларда ишлаб келишган. Мана шу фуқароларимизни ички ресурсларидан фойдаланган ҳолда меҳнатга жалб қилиш устувор вазифаларимиздан бири. Мисол учун, ҳудудларда ижтимоий соҳа объектларини қурилишига Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3,6 трлн сўм маблағ йўналтирилган. Бунинг натижасида ҳар битта вилоятда ўртача 50−60 та турли хил ижтимоий соҳа объектлари қурилиши бошланди. Мана шу объектларда биринчи навбатда меҳнат муҳожирлигига бора олмаган фуқароларимизни касблари бўйича мақсадли ўзининг ҳудудида қурилишларга банд қилиб келмоқдамиз», — дея маълум қилди меҳнат вазири Нозим Ҳусанов.

Меҳнат муҳожирларини банд қилиш масаласи бўйича, мисол тариқасида, вазир Тошентдаги Сирғали туманида барпо этилаётган биноларга 1,5 мингга яқин меҳнат муҳожирлари қонуний ишга жалб қилингани, улар ҳозирда 1,5 — 4,5 млн сўмгача ойлик маош олаётганини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни. жами ишсизлар сони 1,399 млн кишини ташкил этгани ҳақида хабар берганди.