Сўнгги икки ҳафта давомида жами тасдиқланган каронавирус ҳолатларидан 412 таси аҳоли орасидан аникланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.

Таъкидланишича, муайян даврда қолган 525 нафари — хориждан келган фуқароларда аниқланган. Улар умумий тасдиқланган ҳолатлардан 53 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 49 117 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда. Уларнинг 26 794 нафари уй шароитида, 22 323 нафари эса стационар шароитда карантин тадбирлари билан қамраб олинган.

Шунингдек, хабарда қайд этилишича, Республика бўйича мавжуд вирусологик лабораторияларда охирги бир кунда — 18 655та, эпид мавсум давомида — 748 555та тест синови ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3965 нафарни ташкил этмоқда. Бунда, 3087 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган бўлса-да, ўн олти киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 862 киши даволанмоқда.