4 июнь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3874 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 20 нафари Карантин марказидаги (барчаси Қозоғистондан чегара пост орқали келишган) фуқаролар орасида, 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида хориждан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида, 1 нафари Тошкент вилоятида аҳоли орасида, 1 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган билан мулоқотда бўлган фуқарода, қолган 8 нафари эса Тошкент шаҳрида (шундан 3 нафар аҳоли орасида, яна 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган, 2 нафари хориждан келган ва карантинга олинган) аниқланган.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 844 киши даволанмоқда. Улардан 9 нафар бемор оғир, 2 нафар бемор эса ўта оғир аҳволда, деб баҳоланмоқда.

Таъкидланишича, айни пайтда 48 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 21 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, қолган 27 минг нафари уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган, деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 3014 кишини ташкил этмоқда. Ўн олти киши ҳаётдан кўз юмган.