Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган «Карвон» бозори карантин қоидаларига риоя этилмаётгани учун вақтинча ёпилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев «Бир ҳудудда бир кун» лойиҳаси доирасида Ғузорга ташриф буюрган ва тумандаги «Карвон» бозорининг карантин қоидаларига амал қилмай ишлаётганлигига гувоҳ бўлган.


«Бу бозор вирус учун тайёр ўчоқку, — деган вилоят раҳбари. — Бозорнинг 9 та кириш жойи бор, қани санитария, профилактик тадбирлар йўқ. Бозор тезкор дезинфекция ишларини амалга ошириш учун карантинга ёпилади».

Хабарда «Карвон» бозори Қашқадарё вилоятидаги карантинга ёпилган еттинчи бозор бўлгани таъкидлаб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, 23-май куни «Ўрикзор» савдо мажмуаси вақтинчалик ёпилгани хақида хабар берган эдик.