29 май куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво оқимининг таъсири давом этаётгани сабабли дам олиш кунлари (30−31 май кунлари) мамлакатда иссиқ ҳаво сақланиб қолади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво оқимининг таъсири давом этмоқда. Шу сабабли Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ҳарорати 37−42 даража атрофида сақланиб туради.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, Республиканинг қолган ҳудудлари жануби-шарқий Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларидан кираётган нисбатан салқин ҳаво оқими таъсирида бўлади, натижада ҳаво ҳароратининг бир оз — 34−37 даражагача, жанубда 39 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятлари ва республиканинг тоғли туманларида конвектив булутлар ривожланиши билан кечки соатларда айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 17−22 метргача кучайиши мумкинлиги маълум қилинади.

Бундай об-ҳаво дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради. Бу кунларнинг ҳарорати ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5−8 даражага юқори бўлиши кутилмоқда.