Korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимов карантин даврида чакана савдода юз бераётган ўзгаришлар ҳақида Spot.uz онлайн нашрига изоҳ берди.

Зафар Ҳошимов чакана савдодаги қуйидаги ўзгаришларни санаб ўтган.

Биринчидан, ноозиқ-овқат товарлари чакана савдосида савдо ҳажми 70% дан 100% гача тушиб кетган.

Иккинчидан, онлайн буюртмалар сезиларли даражада ўсди.

Учинчидан, озиқ-овқат маҳсулотлари ассортиментида импульсли харидлар катта зарар кўрган, аммо асосий маҳсулотлар: ун, макарон маҳсулотлари, дон ва ёрмалар, шакар, консервалар, сабзавотлар, гўшт, товуқ, тухум савдоси ўсди. «Карантиннинг дастлабки ҳафталарида кутилмаган тарзда картошкага талаб айниқса таасуротли бўлди, — дейди Korzinka.uz асосчиси.

Тўртинчидан, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ассортиментида, антисептиклар, совун ва бошқа шахсий парвариш буюмлари савдоси кўпайди. Соқол олиш буюмлари ва тиш пасталари сотуви камайди.

Бешинчидан, уй-рўзғор буюмлари, ошхона ва ошпазлик буюмлари, шунингдек, кабоб-барбекю, кўмир- ўчоқ каби буюмлар савдоси тобора кучайиб бормоқда. Уй ичи ва сиртларни ювиш ва тозалагичларга учун ишлатиладиган маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда.

«Карантин бошида бўлган улкан харидлардан кейин биз талаб аста-секин пасайишини кутгандик. Аммо, умуман олганда, сотувлар мана учинчи ой мобайнида ҳали-хануз карантиндан аввалги даражага тушмаган», — дея таъкидлади Зафар Ҳошимов.

У бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкинлигини айтган:

  • одамлар уйда қолган ва одатдагидан кўпроқ овқатланишмоқда;
  • шунингдек, умумий овқатланиш жойлари ишламаётганлиги;
  • карантин сабабли аҳоли хорижга сафарга чиқмаяпти.

Korzinka.uz асосчиси карантиндан кейин баъзи замонавий тенденциялар ва афзалликлар, эҳтимол, давом этишини айтган. Масалан, онлайн харид кўпчилик учун янгидан кашф этилган восита бўлганлигини таъкидлаган.

«Ноозиқ-овқат товарлари чакана савдоси Интернет орқали ривожланиши керак. Бу узоқ келажакда уларнинг ҳаёт-мамот масаласига айланиши мумкин. Гигиена воситаларига, антисептикларга ва дезинфекциялаш воситаларига талаб давом этади. Совунга бўлган талаб кўпайганича қолади, деб ўйлайман. Тармоқдаги барқарор савдонинг яна бир муҳим омили хавфсизликдир, чунки биз илгари мисли кўрилмаган эпидемиологик хавфсизлик чораларини татбиқ этмоқдамиз», — дейди Зафар Ҳошимов.