Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг 80,1 фоиз давлат улушини Сингапур компанияси сотиб олди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги қарорига мувофиқ «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланганди. Шу боис, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг 80,1 фоиз давлат улуши дастлаб, 33 млн АҚШ долларига танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган эди.

Бунда, Агентлик мазкур давлат улушини сотиш шартлари қаторида сотиб олувчи томонидан харид тўловини тўлашдан ташқари қуйидаги мажбуриятларни амалга ошириши белгиланган:

  • 2 йил муддатда 100 млрд сўм инвестиция киритиш;
  • давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш;
  • ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш;
  • меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш.

Юқорида кўрсатилган нархда (33 млн долларига) талабгорлардан мурожаат тушмаганлиги сабабли, давлат улушининг бошланғич нархи 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 млн. АҚШ доллари нархида танлов савдоларига чиқарилгани маълум бўлди.

Маълум қилинишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар натижалари бўйича, «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича «Bashan Investment Group PTE. LTD» (Сингапур) компаниясининг 24 ой мобайнида 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланди ҳамда компания билан шартнома имзоланди.

Маълумот учун, «Bashan Investment Group PTE. LTD» масъулияти чекланган компания Сингарурда 2005 йили 2 декабрь куни рўйихатдан ўтказилган бўлиб, мазкур инвестицион компаниянинг асосий фаолият — бошқа холдингларни бошқариш, иккиламчи фаолияти эса — дорамалар (япон сериаллари), эстрада шоуларини (поп-шоулар) ва ҳужжатли филмларни, шу жумладан, телевизион шоуларни ишлаб чиқаришдир.