Инновацион ривожланиш вазирлиги World Influencers Network асосчиси Беҳруз Ҳамзаевнинг блогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида билдирган фикрларига раддия берди.

Блогер Кирилл Альтман 26 май куни Alter Ego дастури доирасида Беҳруз Ҳамзаевдан интервью олган эди. Мазкур интервьюда Беҳруз Ҳамзаев «World Influencers Network асосчиси, „ZIYO FORUM“ ривожланиш ва таълим жамғармаси директори ўринбосари, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилишининг ташаббускори ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг собиқ маслаҳатчиси, Ўзбекистонда амалга оширилган кўплаб лойиҳалар, концепциялар, стратегиялар ва қонунларнинг муаллифи» сифатида таништирилди, дейилади вазирлик хабарида.

Суҳбат давомида Беҳруз Ҳамзаев «Инновацион ривожланиш вазирлигининг ғояси мендан чиққан, улар вазирлик номини ҳам нотўғри қўйишган», деб фикр билдиради.

«Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон президенти ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилган ва „Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида“ ги қарорини ёзиш ишларида унинг [Беҳруз Ҳамзаевнинг] иштироки ҳақида ҳеч қандай расмий маълумотлар ҳам йўқ», — дейилади вазирликнинг баёнотида.

Шу билан бирга, баёнотда Инновацион ривожланиш вазирлиги Б.Ҳамзаев томонидан блогер К. Альтманга кўрсатилган «Ўзбекистон Республикасининг келажак, новаторлик ва ҳамкорлик вазирлиги» деб номланган брошюраси уч йил аввал ўзи тилга олмаган масъул ходимларга тақдим этилган ва унинг бу ғоясини кимдир қўллаб-қувватлаган ҳам бўлиши мумкин, дея таъкидлаган вазирлик.

«Лекин бу унинг [Беҳруз Ҳамзаевнинг] „Инновацион ривожланиш вазирлигини мен ташкил этганман“ дейиши учун зинҳор асос бўла олмайди. Бундан ташқари, Беҳруз Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлигида расман фаолият юритмаган, унинг акаси Беҳзод Ҳамзаев бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган даврда Беҳруз акасининг олдида юрган», — дея қўшимча қилинади баёнотда.

Шунингдек, Б.Ҳамзаевнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилганидан бери бирор амалий иш қилмагани ҳақидаги сўзлари вазирлик эътирозига сабаб бўлди.

«Бу гапларининг ўринсиз ва асоссиз, жоиз бўлса, шу вазирликда фаолият юритган ва юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан туҳмат эканига Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилганидан бошлаб амалга оширилган асосий фаолияти натижалари тўғрисида маълумот билан танишиб, амин бўлиш мумкин», — дейилади раддияда.

Беҳруз Ҳамзаевнинг вазирликни ташкил этиш бўйича ҳужжатларни тайёрлашга 50 минг доллар сарфлагани ҳақидаги гапларига эса «Ўзбекистон давлат органлари фаолияти билан таниш бўлган ҳар қандай киши учун «ҳам кулгили, ҳам мантиқсиз иддаодир», — деб эътироз билдирилади.

Баёнот якунида, Инновацион ривожланиш вазирлиги Беҳруз Ҳамзаевнинг кейинги ишларига муваффақиятлар тилади ва ўз навбатида, Кирилл Альтмандан шу каби «мантиқсиз» интервьюларни тарқатмасликни сўради, шунингдек, блогернинг суҳбатдоши томонидан берилган фикрлар ва мулоҳазалар давлат органини ҳақоратлаш билан баравар эканини эслатиб ўтди.