Тошкент вақти билан 28 май соат 01:33 да Илон Маскга тегишли SpaceX компанияси Falcon 9 ракетасида икки космонавтни — Боб Бенкен ва Дага Херлини — Халқаро космик станцияга етказишни режалаштирган эди. Парвоз амалга оширилишдан 16 дақиқа олдин об-ҳаво шароитлари туфайли қолдирилди.

Фото: twitter.com/airandspace.

Vc.ru хабар беришича, парвоз 19 соат давом этиши кутилаётган эди. Астронавтлар станцияда 30 кундан 119 кунгача бўлиб, сўнг Ерга қайтиши кўзда тутилган эди.

Таъкидланишича, «Crew Dragon» муваффақиятли парвоз амалга оширган тақдирда, Россиянинг космонавтларни ХКС га учиришда монополияси барҳам топади ва NASA SpaceX компаниясини космик агентлигининг бош пудратчисига айлантиради.

Агар SpaceX вазифани муваффақиятли амалга оширса, коинотга одам ва юк ташишни нафақат давлат ташкилотлари, балки хусусий компаниялар ҳам амалга ошириши мумкин бўлади.

«РИА Новости» нинг таъкидлашича, космик кемалар ХКСга 1998 йилдан бери учирилади. Уларнинг аксарияти — юк маҳсулотлари. Ушбу вақтгача ХКСга фақат икки турдаги учувчилар томонидан бошқариладиган аппарат юборилган — Space Shuttle ва Россиянинг Союз ракетаси. 2011 йилда Space Shuttle дастури тугатилган.

2012 йилдан бошлаб ХКСга фақат Союз ракеталари учирилган, жумладан америкалик астронавтлар етказиб берилган.

Crew Dragon учирилиши хусусий компания томонидан амалга оширилган биринчи учувчили парвоз бўлади. Бундан аввал SpaceX ва бошқа компаниялар фақат юк етказиб бериш билан шуғулланган, астронавтларни учириш уларга ишонилмаган.

Агар парвоз муваффақиятли амалга оширилса, NASA Роскосмос билан шартномаларни босқичма-босқич бекор қилиб ва парвозларда маблағни тежаши мумкин. Астронавтларни Союз ракетасида етказиб бериш учун NASA Роскосмосга ўртача 55.4 млн доллар тўлаган, лекин нарх ошиб борган: 2006 йил учириш нархи 21.3 млн долларга тенг бўлган бўлса, 2020 йилга келиб парвоз нархи 86 млн долларга кўтарилган. 2006 йилдан буён NASA Союз ракетасидаги парвозлар учун умумий 3.6 млрд доллар сарфлади.

SpaceX учун битта астронавтни учириш нархи тахминан 55 млн доллар бўлиши кутилмоқда.