Ўзбекистон президентининг қарори билан бир қатор қурилиш техникалари божхона тўловларидан озод этилади. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 19 май куни «Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди.

Қарорда айтиб ўтилишича, ушбу ҳужжатни қабул қилишдан мақсад республиканинг барча ҳудудларида урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида юз берган фавқулодда ҳодисалар оқибатларини зудлик билан бартараф этиш ва аҳолининг замонавий уйҳжойларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учундир.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар божхона тўловларидан (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади:

  • 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари (27 турдаги);
  • 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда кўп қаватли монолит уй-жойлар қуриш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмлари.

Шунингдек, қарорга асасан 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда божхона тўловларини тўловчилар импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни экспорт қилишда автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларини қисман компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилиши ҳақида хабар берилганди.