7 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, президентнинг 2019 йил 24 майдаги ПҚ-4337-сон «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жорий этилган маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми маҳсулотларни автомобиль ва ҳаво транспортида экспортга ташишга ҳам татбиқ этилади.

Маълум қилинишича, Республика экспорт комиссияси томонидан бир ҳафта муддатда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни экспорт қилишда, шу жумладан, 2020 йил 1 апрелдан буён амалга оширилган экспорт бўйича автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларини қисман компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш тартиби тасдиқланади.

Қарорга мувофик, Ўзбекистон божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январга қадар бекор қилинади.

Шунингдек, экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсациялар тақдим этилиши белгиланган.