Ўзбекистон президенти фармони билан Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси ва Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилди.

Ҳужжатга кўра, Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

Улар тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Эксперимент натижасига кўра ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.