Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги қарори билан Мудофаа вазирлигида армия спорти ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, Мудофаа вазирлигининг Спорт клуби Олий спорт натижаларини ривожлантириш марказига айлантирилади ва ушбу марказ вазирлик марказий аппаратининг мустақил бошқармасига тенглаштирилган муассаса ҳисобланади.

Марказнинг асосий вазифаларидан бири оммавийлаштирилаётган спорт турларини ривожлантириш, мамлакат ва Мудофаа вазирлиги қўшинлари спорт терма жамоалари учун ҳарбий хизматчи, хизматчи ва ўқувчи спортчилар орасидан юқори тоифали спортчиларни тайёрлашдан иборатдир.

Шунингдек, қарор билан Мудофаа вазирлигида армия спортини ташкил этиш тўғрисидаги низом ҳамда вазирликда армия спортини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур низомга мувофиқ, армия спортига Олимпия, оммавий, миллий, ҳарбий-амалий ҳамда техник ва амалий спорт турлари киради.