Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) коронавирус тарқалишига қарши кураш учун Ўзбекистонга 1,36 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ажратишни маъқуллади, дея банк матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур грант тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари ва бошқа тиббий ускуналарни сотиб олишга сарфланади, бу эса мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятини тезда оширишга ёрдам беради.

Бу маблағлар ОТБнинг «2019 йилги коронавирус касаллиги ва бошқа юқумли касалликларнинг тарқалишига қарши курашда минтақавий ёрдам» лойиҳаси асосида ажратилиб, март ойида Ўзбекистонга дори-дармон сотиб олиш учун ажратилган 200 минг долларлик дастлабки техник ёрдамга қўшимча бўлади.

Шунингдек, Осиё Тараққиёт Банки Ўзбекистонга яна 800 та сунъий нафас олиш ускуналарини сотиб олиш учун жорий кредитдан 19,5 миллион долларни қайта тақсимлашга рухсат берди.

ОТБ Ўзбекистон ҳукумати ва ривожланиш бўйича бошқа шериклар билан мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун қўшимча маблағларни жалб қилишда ишламоқда, дейилади банк баёнотида.