Бу йилги баҳор мавсуми жала, дўл, сел, кучли шамол каби табиий офатларга бой бўлди. Бундай табиий офатлардан асосан қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўради. Жумладан, улар оқибатида экинлар буткул пайҳон бўлади ёхуд ҳосилдорлик камаяди. Турли ҳашаротларнинг кўпайиши ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилига салбий таъсир кўрсатади.

Шу каби ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда «Ўзагросуғурта» компанияси бутун республика бўйлаб барча филиал, бўлинма ва суғурта марказларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аниқланган суғурта ҳолатлари юзасидан тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этишда масъулият ҳамда назоратни кучайтирди. Айниқса, табиий офат юз берган ҳудудларда ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлиги оширилган.

«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти карантин даврида умумий ҳисобда 4 миллиард сўмдан ошиқ суғурта товонини тўлади. Шундан 2,5 миллиарддан ортиқ тўлов Бухородаги кучли шамол натижасида гаровга қўйилган мол-мулк ва қишлоқ хўжалиги соҳасига етган зарар ҳисобланади.


Бундан ташқари, бугун шахсан Давлатимиз раҳбари томонидан назоратга олинган Сардоба сув омбори фалокати оқибатларини бартараф этишда Ҳукумат комиссиясига ҳаммоҳанг равишда «Ўзагросуғурта» АЖ масъуллари ҳам четда қолгани йўқ. Улар бевосита воқеа жойида ҳолатни ўрганди ва тезкор ишчи гуруҳи тузилди. Айни пайтда вилоятнинг энг кўп зарар кўрган Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларида етказилган зарар миқдорини аниқлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Ҳозирча тадбиркорлар ва аҳолининг балиқчилик бўйича кўрилган зарарлари учун 100 миллион сўмдан ошиқ товон тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.


Айни пайтда, «Ўзагросуғурта» АЖ ишчи гуруҳи сув тошқинидан зарар етган ҳудудлар бўйича олинган суғурта мажбуриятлари, аҳолининг гаровга қўйилган мол-мулки ва қишлоқ хўжалиги экинлари миқдори бўйича якуний хулосалар тайёрламоқда.

Навоий вилоятидаги сел келиши бўйича ҳам «Ўзагросуғурта» АЖ томонидан тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, кўрилган зарарни қоплаш мақсадида дастлаб 30 миллион маблағ ажратилди. Шу билан биргаликда, Жамиятга келиб тушаётган барча мурожаатлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Қайд этиш жоизки, суғурта соҳасида кутилмаган хатарлар ҳисобига манфаат кўриш анча мушкул. Ушбу молиявий хизматдан даромад олиш учун катта математик ҳисоб-китоблар ёки тажрибанинг ўзи камлик қилади. Бунда асосий талаб кўп жиҳатдан табиатнинг кутилмаган инжиқликлари ва бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга тайёр туришдир.

Реклама ҳуқуқи асосида.