UzAuto Motors компанияси томонидан жиҳозланган Damas негизидаги тез тиббий ёрдам автомобиллари партияси Тожикистонга юборилди, дея хабар берди компания матбуот хизмати.

Автомобиллар махсус тез тиббий ёрдам паркини кенгайтириш ва пандемия вақтида беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган.

Ҳар бир транспорт воситаси тиббий ходимлар учун қўшимча шахсий ҳимоя воситалари билан жиҳозланган. Кейинчалик тиббий муассасалар орасида тарқатиш учун автомобиллар Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аввалроқ коронавирус пандемиясига қарши курашишда кўмаклашиш учун бу борада тажриба орттирган 15 нафар малакали тиббиёт ходимини қўшни республикага жўнатган эди. Тиббиёт гуруҳи таркибидан анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог, ҳамшира каби тиббиёт ходимлари ўрин олган.

Маълумот учун, Тожикистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 15 та ҳолат илк бор 30 апрель куни эълон қилинган эди. 13 май ҳолатида мамлакатда 729 та COVID-19 ҳолати қайд этилган, 23 бемор ҳаётдан кўз юмган.