Тожикистонда илк бор коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 15 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда «Ховар» миллий ахборот агентлиги маълум қилди.

30 апрель куни Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода раислигида COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика штабининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги 29 апрель куни мамлакатда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 15 та ҳолат тасдиқлангани, уларнинг 10 таси Сўғд вилоятида, 5 таси эса Душанбе шаҳрида аниқланганини маълум қилди.

«Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Республика штаби мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекцияси борлигини расман тасдиқлади», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан мамлакатда 4 майдан бошлаб университетларнинг 1, 2 ва 3-курс талабалари учун ёзги таътил эълон қилинди. Шунингдек, қарорда аҳолининг тиббий ниқоблардан фойдаланиши кераклиги белгиланган.

Хабарда маълум қилинишича, Тожикистонда 1 февралдан 30 апрелгача қарийб 11 минг фуқаро карантинга олинган, улардан 8,5 мингга яқин киши карантин муддатини ўтаб чиққан. Айни пайтда эса мамлакат тиббиёт муассасаларида 2 мингдан ортиқ киши тиббий назорат остига олинган.