Ўзбекистон 8 май куни чартер рейсларини амалга ошириш бошланганидан буён хориж мамлакатларидан 1200 нафардан ортиқ фуқароларини олиб келди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 2020-йил 8−12-май кунлари Дубай, Минск, Сеул, Деҳли, Франкфурт ва Москва шаҳарларидан 1243 нафар ватандошларимиз ватанга чартер рейсларида қайтарилди», — дейилади хабарда.

Вазирлик маълумотларига кўра, бошқа давлатлардан келган ватандошларни қайтариш учун чартер рейсларини ташкил этиш бўйича ишлар давом этмоқда. Жумладан, 13 май куни тахминан соат 19.00 да чартер лайнери Истанбулдан келиши кутилмоқда.

24 майга қадар қуйидаги йўналишлар бўйича парвозларни ташкил этиш режалаштирилган (янгиланган):

  • 14 май. Тошкент — Санкт-Петербург — Тошкент;
  • 15 май. Тошкент — Сингапур — Куала-Лумпур — Тошкент*;
  • 16 май. Тошкент — Ростов-Дону — Тошкент;
  • 17 май. Тошкент — Қозон — Тошкент;
  • 18 май. Тошкент — Москва — Тошкент;
  • 19 май. Тошкент — Санкт-Петербург — Тошкент;
  • 20 май. Тошкент — Москва — Тошкент;
  • 21 май. Тошкент — Истанбул — Тошкент;
  • 22 май. Тошкент — Лондон — Тошкент;
  • 23 май. Тошкент — Новосибирск — Тошкент;
  • 24 май. Тошкент — Шаржа — Тошкент.

Ватанга кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар биринчи галда қайтарилади. Улар Ўзбекистонга қайтиб келганларидан кейин 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

ТИВ чет элдаги фуқаролардан юқоридагиларни эътиборга олиш, карантин қоидаларига риоя қилиш ва бўлиб турган мамлакатлари аэропортлари, дипломатик ваколатхоналар ва Uzbekistan Airways хабарисиз йиғилмасликларини илтимос қилди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни Ўзбекистон ҳукумати хорижий мамлакатлардан фуқароларни қайтариш устида иш олиб бораётгани ҳақида маълум қилган эди. Жумладан, биринчи навбатда Россия, Туркия, БАА ва бошқа давлатлардан пул ва яшаш жойисиз қолиб кетган 11 минг фуқаро олиб келиниши айтилган.