Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 11 май куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни рад эди. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати хабар қилди.

МЖТК ерга эгалик қилувчининг таклифига асосан белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ҳақида расман огоҳлантирилганлигига қарамай томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 651-модда билан тўлдирилмоқда.

«Бироқ ушбу норма амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Жумладан, ундаги томорқа ер участкасидан „асоссиз равишда“ ёки „оқилона“ фойдаланмаслик ёҳуд „самарасиз“ фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган. Бу эса тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мазкур қўшимча тез орада ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини йўқотади, дея қўшимча қилди Сенат.

Хабарда қайд этилишича, ҳозирда «Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларда мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда

Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондириш ва нархлар ўсишини тўхтатиб туриш учун барча томорқа эгалари ер участкаларидан самарали фойдаланиши кераклигини президент топширган эди. У томорқалар мониторингини дронлар орқали ҳам назорат қилишга кўрсатма берган эди.