Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев карантин чекловлари шароитида ишлаш ва яшашни ўрганиш зарурлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари 7 май куни видеоселектор йиғилишида сўзлади.

8 майдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудларида карантиннинг учта даражасидан бири — «қизил», «сариқ» ёки «яшил» ишлай бошлайди. Коронавирус билан курашиш бўйича махсус республика комиссиясининг қарорига биноан, барча ҳудудларда карантин даражасидан қатъи назар, ижтимоий масофани (2 метр) сақлаш, юз ниқобларидан фойдаланиш, оммавий тадбирларни тақиқлаш ва бошқа бир қатор мажбурий талаблар ва чекловлар сақланиб қолади.

Президент сўзларига кўра, агарда қайсидир туман ёки шаҳар раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун карантинни ташкил этишда очко ортидан қувса, ким бўлишидан қатъи назар у билан хайрлашишини маълум қилди.

«Такрор ва такрор айтаман, жаҳонда, айниқса биз яқин ҳамкорлик қиладиган давлатларда пандемия тобора кучайиб бораётганини, бу ҳолат бизга ҳам катта хавф солиши мумкинлигини асло унутмаслигимиз керак. Шу сабабли барчамиздан ҳушёрликни янада ошириш талаб этилади. Бу борада, фаолиятини умуман тўхтатмаган корхоналарда ҳам, ўз ишини қайтадан бошлашга рухсат берилган соҳаларда ҳам вирусга қарши курашиш бўйича чекловлар сўзсиз бажарилиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқнинг кўмаги ва чуқур тушуниши, сабр-тоқати билан Ўзбекистонда бу офатни жиловлаб турилганини таъкидлади.

«Биз шифохоналарга эътибор қаратяпмиз, Германия, Жанубий Кореядан кўплаб дорилар, шунингдек, мутахассисларни олиб келяпмиз. Ҳозиргина [ХХР раиси] Си Цзиньпинь билан Хитойдаги вазият ва ҳамкорлик бўйича суҳбатлашдим. У: „Шифокорлар нима тавсия қилмасинлар, [касалликни] ушлаб туришда эҳтиёт бўлиш керак. Қаттиқ карантин чораларини кўринг ва иқтисодий тикланиш учун курашинг“, — деди», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Россия, Туркия, БАА ва бошқа давлатларда қийин вазиятга тушиб қолган 11 минг фуқарони қайтаришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган эди.