Ўзбекистонда коронавирусдан тўлиқ соғайган беморлар сони 1721 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятидан 8 нафар, Наманган вилоятидан 22 нафар ҳамда Андижон вилоятидан 2 нафар, Бухоро вилоятида 32 нафар, Хоразм вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди.

Беморларнинг барчаси реабилитацияга кузатилган.

Сирдарёда соғайганларнинг барчаси Қозоғистон Республикасидан келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Уларнинг 5 нафари Самарқанд вилоятидан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, 1 нафари эса Сирдарё вилоятидан. Беморларнинг барчаси эркак бўлиб, энг ёши каттаси 44 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда. Улар бугун реабилитацияга кузатилмоқда.

Наманганда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 10 нафари эркак, 12 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 73 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 7 ёшда. Улар бугун реабилитацияга кузатилди.

Андижонда соғайганларнинг иккаласи ҳам (32 ёшли аёл ва 28 ёшли эркак) Андижон шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Улар бугун реабилитацияга кузатилди.

Бухорода шифо топганларнинг 21 нафари Россиядан чартер рейс билан, яна 1 нафари эса Қирғизистон Республикасидан Бухорога келишган ва карантинга олинган. Қолган 10 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Тузалганларнинг 10 нафари Бухородан, 6 нафари Қашқадарёдан, 4 нафардан Наманган ва Тошкент вилоятларидан, 2 нафари Фарғонадан, 1 нафардан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қирғизистон Республикасидан. Уларнинг 22 нафари эркак, 10 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 78 ёшли онахон бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда.

Хоразмда тузалган 1 нафар эркак бемор 49 ёшда бўлиб, Фарғона вилоятидан. У Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган.