Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатда 9 май куни Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига уюштириладиган парад бўлиб ўтишини маълум қилди, дея хабар берди БелТА.

Хабарга кўра, 3 май куни Ғалаба кунига тайёргарлик қилиш ва мамлакатдаги эпидемиологик вазият бўйича бўлиб ўтган йиғилиш давомида Лукашенко мазкур парад чуқур мафкуравий ва маънавий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтган.

«Шуни айтишим керакки, биз парадни бекор қила олмаймиз. Мен бу ҳақда узоқ вақт ўйладим. Албатта, бу [парад] ҳиссий, чуқур мафкуравий нарса. Ўша одамлар [уруш қатнашчилари] биз учун жонини берди. Ва одамлар нима дейишини ўйлаб кўринг. Балки дарҳол эмас, бир кунда, икки кундан кейин биз бундан [коронавирус инфекциясидан] қўрққанлигимизни айтадилар», деди давлат раҳбари.

Александр Лукашенконинг таъкидлашича, парадда қатнашишни истаганлар орасида Қуролли Кучлар фахрийлари ҳам бор. «Бугунги кунда истаганлар етарли — минглаб ва минглаб одамлар ушбу тадбир ўтказилишини исташади», — дея таъкидлади Беларусь раҳбари.

Умуман олганда, президент парад эпидемиологлар ва вирусологлар нуқтаи назаридан энг хавфли воқеа эмаслиги ҳақида фикр билдирди. «Чунки парад кутилганидек ташкил этилади. Бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз. Эҳтимол, ушбу параднинг минбаридан», — деди у.

Маълумот учун, айни пайтга қадар Беларусь республикасида қарийб 17,5 минг коронавирус ҳолати қайд этилган. Бундан 3 259 нафари соғайган ва 103 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 9 майда ўтказилиши режалаштирилган Ғалаба куни парадини коронавирус пандемияси туфайли бошқа кунга қолдиришни буюрганди.