Вазирлар маҳкамаси томонидан «2020 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш концепцияси» қабул қилинди. Бу ҳақда Энергетика вахирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2030 йилгача электр энергия ишлаб чиқаришни 5900 МВт дан 29200 МВт гача кўпайтириш, электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги табиий газ сарфини 16,5 млрд кубометрдан 12,1 млрд кубометргача қисқартириш ҳамда электр энергияни узатишда йўқотишларни 2,35% га, ва уни тақсимлашда — 6,5% га камайтириш режалаштирилган.

Хабарга кўра, мазкур стратегия 2020 йилдан 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатда электр энергия билан таъминлаш масаласи бўйича ўрта муддатли ва узоқ муддатли мақсадларни белгилайди ҳамда доимий таҳлил асосида заруриятга кўра таҳлил қилинади.

Ҳужжатнинг стратегик мақсади — Ўзбекистон аҳолисини ва иқтисодиётини рақобатбардош нархлар асосида электр энергия билан таъминлаш, энг яхши жаҳон амалиётлари ва жаҳон электр энергетикасидаги замонавий тенденцияларни қамраб олувчи мувозанатланган энергетика секторни ривожлантиришдир, дейилади хабарда.

Концепцияда қуйидаги йўналишлар устувор сифатида белгиланган:

  • мавжуд электрстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш, электр энергия ишлаб чиқариш бўйича энергия самарадор технологиялардан фойдаланган ҳолда янги электр станцияларини қуриш;
  • электр энергияси ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш;
  • қайта тикланадиган, айниқса, қуёш энергияси манбаларини ривожлантириш; тариф сиёсатини такомиллаштириш ва улгуржи бозорга чиқишни таъминлаш бўйича ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш.

Шунингдек, мазкур стратегияда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда ҳозирги пайтда электр энергияси тақчил бўлган ҳудудларни энергия таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикчилигини кенг қўллаш чоралари стратегияда белгиланганлиги маълум қилинди.