Ўзбекистон бош давлат санитария инспектори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда янги коронавирус ҳолатлари сабаблари тўғрисида маълум қилди.

«Коронавирус инфекциясидан касалланиш асосан карантин муассасаларидагилар орасида учрайди», — деди Отабеков.

Унинг сўзларига кўра, 29 апрелда 85 минг нафар фуқаро карантинда бўлиб, уларнинг 16,9 минг нафари стационар (касалхона, санатория, махсус тайёрланган жойлар), 62,4 минг нафари эса уй шароитидаги карантинда.

Бош давлат санитария инспектори нима учун карантиндаги одамлар сони ўзгармаётганига изоҳ берди.

«Карантин эълон қилингандан кейин ҳам анча пайтгача ҳамюртларимиз чартер рейсларида олиб келинди. Агар Сиз чегарамиз бутунлай ёпилган, деб ўйласангиз, бу хато фикр. Негаки ҳар куни давлатимизга хориждан 500−600 фуқаро кириб келаяпти (Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон орқали). Уларнинг барчаси уюшган ҳолда карантинга жойлаштирилмоқда», — деди у.

Карантин тадбирлари билан қамраб олинганлар кимлар:

  • хорижий давлатлардан келиб янгидан қўшилаёганлар;
  • касаллик чиқиши муносабати билан карантин муддати узайтирилган шахслар;
  • беморларни даволаш жараёнида қатнашганлар,
  • бемор ишлаган ишхонасида бирга ишловчилар,
  • беморнинг уйида оила-аъзолари, яқин қариндошлари, мулоқотда бўлганлар,
  • беморлар ташриф буюрган муассасалар ходимлари,
  • эпидемик нохуш ҳудудларга бориб, юк олиб келиш билан шуғулланувчи шахслар.

Нурмат Отабеков коронавирус касаллиги қайд этилиши камайиб бораётгани пандемия тугаётганини англатмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Вазият бирмунча юмшаётган бўлса-да, ҳали 1000 дан ортиқ бемор даволанишни давом эттираяпти, 85 мингдан кўпроқ фуқаро карантинда бўлиб туришибди», — деди у.