Сурхондарё вилоятида 3 нафар, Навоий вилоятида 1 нафар ва Бухоро вилоятида 32 нафар коронавирус бемори тўлиқ соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Сурхондарёда тузалганлардан бир нафари Қорақалпоғистон Республикасидан, бир нафари Самарқанд ва яна бир нафари Наманган вилоятидан. Уларнинг барчаси (эркаклар) жорий йил 27 март куни Москва — Термиз йўналишида чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Навоийда тузалган бир нафар (эркак) бемор Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Ҳар икки вилоятдаги 4 нафар фуқаролар орасида энг ёши каттаси 39 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.

Бухоро вилоятида соғайганларнинг 22 нафари вилоят кўп тармоқли марказида, 10 нафари юқумли касалликлар шифохонасида даволанди.

Шифо топганларнинг 30 нафари Россиядан, 1 нафари эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. 1 нафар бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улардан 28 нафари эркак, 4 нафари аёл. Беморларнинг 6 нафари Андижон вилоятидан, 5 нафари Тошкент вилоятидан, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларидан 3 нафардан, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 74 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 657 нафарни ташкил этмоқда.