Жаҳон банки COVID-19 коронавирус пандемияси ва ўрнатилган карантин чоралари туфайли дунё бўйлаб пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилда деярли 20 фоизга пасайишини кутмоқда. Бу ҳақда банкнинг янги ҳисоботида маълум қилинди.

Кам ва ўртача даромадли мамлакатларга пул ўтказмалари 19,7 фоизга камайиб, жами 445 миллиард долларгача қисқариши кутилмоқда, бу эса кўплаб заиф уй хўжаликларининг муҳим молиявий манбадан маҳрум бўлишига олиб келади, дейилади ҳисоботда.

«Пул ўтказмалари ривожланаётган давлатлар учун муҳим даромад манбаи ҳисобланади. Ҳозирги COVID-19 коронавирус пандемияси туфайли пайдо бўлган иқтисодий рецессия пулни уйга жўнатишга жуда салбий таъсир қилади ва ривожланган мамлакатлар иқтисодиётини тиклаш учун зарур бўлган вақтни қисқартириш вазифасини янада оғирлаштиради», — деди Жаҳон банки гуруҳи президенти Девид Малпасс.

Жаҳон банки пул ўтказмалари қисқариши энг кўп Европа ва Марказий Осиё минтақасида кузатилишини кутмоқда (27,5%), ундан кейин Саҳрои Африка (23,1%), Жанубий Осиё (22,1%), Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (19,6%), Лотин Америкаси ва Кариб денгизи (19,3%) ҳамда Шарқий Осиё ва Тинч океани (13%).

Ҳисоботга кўра, 2021 йилда кам ва ўртача даромадли мамлакатларга пул ўтказмалари билан боғлиқ вазият яхшиланади, уларнинг ҳажми 5,6 фоизга ўсади ва 470 миллиард долларни ташкил этади. Шу билан бирга, пул ўтказмалари прогнози бўйича ноаниқликлар мавжуд. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, прогнозлар ноаниқлиги COVID-19 коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётининг истиқболли ўсиш кўрсаткичларига бўлган таъсири билан боғлиқ.

«Мавжуд инқироз даврида ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда ижтимоий хавфсизликнинг самарали тизимларига эга бўлиш камбағал ва заиф табақаларни ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. [Меҳнат мухожирларни] қабул қилувчи мамлакатларда ижтимоий ҳимоя чоралари муҳожирларга ҳам татбиқ этилиши керак», — деди Жаҳон банкининг Ижтимоий ҳимоя ва бандлик бўйича глобал амалиёт департаменти директори Михал Рутковский.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2019 йилда Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми деярли 6 фоизга ўсиб, 65 миллиард долларга етган эди, аммо глобал коронавирус пандемияси ва нефть нархларининг пасайиши натижасида бу кўрсаткич кескин камаяди.

Россияда ишлайдиган меҳнат мухожирларнинг пул ўтказмаларининг камайиши Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодиётига салбий ташқи шоклар таъсирини кучайтириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки 2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш даражаси кескин пасайиб, 1,6 фоизни ташкил этишини ҳамда меҳнат муҳожирлари юборадиган пул ўтказмалари 50 фоизга қисқариши мумкинлигини прогноз қилганди.