Ўзбекистон президенти раислигида ўтказилган йиғилишда қурилиш материаллари бозори билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Маълумотга кўра, карантин даврида мазкур индустрия корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми 30−40 фоизга камайган. Хомашё маҳсулотлари ҳам сотилмай қолган.

Шундан келиб чиқиб, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясига биринчи ярим йилликда маҳсулот ишлаб чиқаришни 10 триллион сўм ва йил охиригача 22 триллион сўмга етказиш вазифаси қўйилди. Бу кўрсаткичларни таъминлашда экспорт бозорлари асосий имконият ҳисобланиши айтилган.

Президент импорт ўрнини босувчи маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган. Мамлакатда бунинг учун зарур хомашё олиш мумкин бўлган 275 та истиқболли кон мавжудлиги таъкидланган.

Маълумотга кўра, Ғозғонда 52 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Президент конларни ўзлаштириш орқали шундай лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган.


2020 йилда энергия тежамкор қурилиш материаллари тайёрлаш бўйича 7 та лойиҳани ишга тушириш, келгусидаги объектларни лойиҳалашда ушбу маҳсулотлардан фойдаланишни назарда тутиш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Карантин даврида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишига Инқирозга қарши кураш жамғармасидан қўшимча 1,5 триллион сўм, хусусан, сув таъминоти бўйича 55 та лойиҳага 500 миллиард сўм ва йўл қурилиши бўйича 1 минг 547 та лойиҳага 1 триллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу лойиҳалар учун пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини тез фурсатларда бошлаш муҳимлиги қайд этилган.

Пандемия сабабли халқаро молия ташкилотлари маблағлари иштирокидаги лойиҳалар ҳам тўхтаб қолган. Хусусан, ичимлик суви тизимини яхшилаш ҳамда йўл қурилиши соҳасида шундай муаммолар мавжуд. Бундай лойиҳаларга тендер орқали маҳаллий пудрат ташкилотларини ҳам жалб қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Йиғилишда йўл қурилиши учун маблағларни шакллантириш орқали маҳаллий бюджетларни оширишга эришилганлиги таъкидланган. Энди ҳудудлар республикадан маблағ келишини кутиб ўтирмасдан, ички йўлларни ўзлари таъмирлашлари зарурлиги айтиб ўтилган.

«Умуман олганда, уй-жой қурилиши бўладими ёки инфратузилма объектларими, қурилиш соҳаси янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади. Тармоқ раҳбарлари бугунги йиғилишда ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис этиб, ишларни тўғри ташкил этсалар, иқтисодий инқироздан имкон қадар кам йўқотишлар билан чиқиб кетамиз, — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.