Ўзбекистон президенти топшириғи асосида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Бош прокуратура, ДХХ, МГ, ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан иборат тезкор-тергов ва таҳлилий гуруҳлар тузилди. Бу ҳақда 15 апрель куни ўтказилган брифингда Ўзбекистон Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев маълум қилди.

Шунингдек, бош прокурор фармойиши билан Бош прокуратура ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда штаблар ҳамда ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, туну кун ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Тезкор — тергов ва таҳлилий гуруҳларга 2 та асосий вазифа юклатилди:

  1. Касалликка чалинган беморлар билан суриштирув олиб бориб, улар алоқада бўлган шахслар доирасини тезкорлик билан аниқлаш ва вирусологик текширувидан ўтказиш;
  2. Касаллик юқиши мумкин бўлган фуқароларни ҳамда улар яшаётган ва ишлаётган жойларни зудлик билан карантинга олинишини ҳамда дизинфекция қилинишини таъминлаш.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида беморлар билан телефон ва интернет тармоқлари орқали масофадан туриб суриштирув олиб бориш тизими яратилди.

Терговчилар, шунингдек, беморлар даволанаётган шифохоналар планшетлар билан таъминланди.

Ўтказилган суриштирувлар якунлари бўйича шу кунга қадар беморлар мулоқотда бўлган 9538 нафар шахслар ҳақида маълумотлар тўпланди.

Мулоқотда бўлган шахсларнинг 2204 нафари беморнинг яқин қариндошлари, 3877 нафари бирга ишловчи ва доимий мулоқотда бўлган шахслар, 3453 нафари эса бир маротаба мулоқотга киришган шахслардир.